Қорақалпоғистон Республикасидаги “Довут-ота” чегара божхона постида BMW автомобилидан 23 дона ўқ-дори топилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Грузиядан Тожикистонга ҳаракатланаётган юк автомобили Қозоғистондан Ўзбекистонга кириб келганида божхона назоратидан ўтказилган.
Текширув давомида юк автомобилига ортилган BMW русумли енгил машинанинг орқа ўриндиғи остидан 23 дона 9 миллиметрли патрон аниқланган.
Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бўлими хулосасига кўра, топилган патронлар жанговар ўқотар қурол ўқ-дорилари бўлиб, яроқли ҳолатда экани тасдиқланган. Шунингдек, улар Чехияда завод усулида ишлаб чиқарилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
