Америка космик агентлиги (NASA) “Артемида IV” миссиясига тайёргарлик ишларини тезлаштирди. Ушбу миссия доирасида астронавтларни 2028 йилда Ойга қўндириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда жорий йилнинг 23 октябрь куни Америка космик агентлигининг матбуот анжуманида эълон қилинди.
Қайд этилишича, NASA раҳбари Жаред Айзекман ва бошқа мутасаддилар “Артемида IV” миссиясига тайёргарлик муддатига риоя қилиш учун ишларни тезлаштириш ва техник талабларни мақбуллаштириш режасини тақдим этган.
Айзекман ўз чиқиши давомида АҚШ астронавтларни хавфсиз қўндириш учун зарур чораларни кўраётганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, экипаж етиб келишидан олдин у ерда “луноход” (Ойда ҳаракатланувчи аппарат) ва инсонларнинг узоқ вақт қолиши учун мўлжалланган базавий модуллар аллақачон жойлаштирилган бўлади.
Ўз навбатида, “Артемида” дастури раҳбари Жереми Парсонс Ойга қўниш модулларини яратиш устида бир вақтнинг ўзида иккита хусусий компания – Илон Маскнинг SpaceX ва Жефф Безоснинг Blue Origin компаниялари иш олиб бораётганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, агентлик экипажни Ой юзасига етказиб берувчи компанияни имкон қадар кечроқ танлашга ҳаракат қилади, чунки SpaceX ҳам, Blue Origin ҳам белгиланган муддатда Ойга қўнишга тайёргарлик кўрмоқда.
Нашр маълумотларига кўра, охирги марта фазогирлар 1972 йилнинг декабрида “Аполлон-17” миссияси доирасида Ойга қўнган. Экипаж Ой юзасида уч кундан ортиқ вақт ўтказган, Ой тупроғи намуналарини йиғган ва илмий тажрибаларни бажарган. Ўшандан бери инсон оёғи Ой юзасига бошқа тегмаган.
