Антарктидада пингвинларни санаш учун ойига 2 500 еврогача маош тўланадиган иш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Forbes хабар берди.
Британиянинг UK Antarctic Heritage Trust фонди Антарктидадаги собиқ Порт-Локрой тадқиқот стансиясида ишлаш учун ходимлар изламоқда. Уларнинг вазифаларига пингвинлар колониясини кузатиш, музей ҳамда сувенирлар дўконига хизмат кўрсатиш, шунингдек, дунёнинг энг жанубий почта бўлимида ишлаш киради. Ойлик маош 2 096 фунт стерлингга (тахминан 2 500 еврога) етади.
Иш олти ойга мўлжалланган бўлиб, жиддий жисмоний тайёргарликни талаб қилади. Ходимлар 20 литрли сув идишларини ташиши, оғирлиги 15 килограммгача бўлган қутиларни кўтариши, қорни тозалаши ва сирпанчиқ қоялар ёнидаги қайиқлардан юкларни тушириши керак. Стансияда сув қувури, мобил алоқа ва тиббий ёрдам мавжуд эмас.
Ходимлар одатда ҳафтасига бир марта душ қабул қилади ва 14-15 даража ҳароратга эга умумий ётоқхонада яшайди. Ташкилот турар жой, овқатланиш ва иссиқ кийим билан таъминлайди, ходимлар солиқларни мустақил тўлайди.
Алоқа чекланган сунъий йўлдош тармоғи ёки лангар ташлаган кемаларнинг Wi-Fi тармоғи орқали амалга оширилади.
Ходимларнинг вазифаларига пингвинларнинг уяларини ва тухумларини санаш ҳам киради. Бу маълумотлар олимларга колония сонидаги ўзгаришларни кузатиш ва туризмнинг пингвинларга таъсирини баҳолашга ёрдам беради. Бундан ташқари, ходимлар круиз кемаларида келган сайёҳларни кутиб олади, музейга хизмат кўрсатади ва хатларни қўлда саралайди. Номзодлар учун ёш чегараси белгиланмаган, бироқ улар камида 18 ёшда бўлиши керак. Улардан илмий маълумотга эга бўлиш талаб этилмайди.
Порт Локрой – 1944 йилда ташкил этилган собиқ Британия тадқиқот базаси. Бугунги кунда бу Антарктика круизларининг машҳур бекати бўлиб, ёзда бу ерга ҳар куни сайёҳлардан иборат иккита кема келиши мумкин.
