Хитойнинг Тибет ҳудудида 22 октябрь куни кечқурун 7 магнитудали кучли зилзила юз берди. Ҳодиса оқибатида камида 16 киши ҳалок бўлди, 54 киши жароҳатланди, юзлаб уйлар вайрон бўлди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.
Маълумотларга кўра, зилзила оқибатида камида 339 та уй ва 20 та молхона вайрон бўлган. Ҳозирда қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Вайронагарчиликлар асосан Тибетнинг Нагқу шаҳрида кузатилган. Қутқарув ишларига маҳаллий округдан 1 600 нафардан ортиқ киши жалб қилинган. Тибетга 1 000 та йиғма уй, қарийб 3 000 та чодир ва йиғма каравотлар, шунингдек, фонарлар ҳамда иссиқ кийим-кечаклар етказиб берилган.
АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, зилзила маҳаллий вақт билан соат 22:33 да содир бўлган. Унинг эпицентри Тибет шимолидаги кам аҳоли жойлашган баланд тоғли ҳудудда, Нагқу шаҳридан 191 километр шимоли-шарқда қайд этилган. Зилзила ўчоғи 18 километр чуқурликда жойлашган.
Шунингдек, магнитудаси 4,3 дан 5,2 гача бўлган камида еттита афтершок содир бўлган. Уларнинг барчаси 10 километр чуқурликда кузатилган. 23 октябрь куни зилзиладан зарар кўрган айрим ҳудудларда алоқа узилган. Маҳаллий темир йўл маъмурияти зилзила ҳудудидан ўтувчи поездлар ҳаракатини тўхтатиш учун фавқулодда чоралар кўрган. Ҳудудда келгуси уч кун давомида вақти-вақти билан қор ёғиши кутилмоқда.
Хитойнинг CCTV давлат телеканали хабар беришича, бу сўнгги беш йил ичида мазкур ҳудудда қайд этилган энг кучли зилзила ҳисобланади. Мамлакат раиси Си Цзиньпин қутқарув ишларини жадаллаштириш ва жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча имкониятларни сафарбар этишга чақирди.
