Буюк Британиялик 11 ёшли Бодхана Сиванандан шахмат тарихидаги энг ёш аёл халқаро мастер (IM) унвонига сазовор бўлди. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди.
У Черногорияда ўтказилган Европа клублар кубогининг сўнгги турида швециялик Виктория Йоханссонни мағлуб этиб, етти имкониятдан 5,5 очко тўплади ва учинчи халқаро мастерлик нормасини бажарди.
Бодхана 11 ёш, 7 ой ва 16 кунлигида бу натижага эришиб, афсонавий шахматчи Юдит Полгарнинг 1988 йилдан бери сақланиб келаётган рекордини янгилади.
У халқаро мастерлик талабларини энг ёш бажарган шахматчилар рўйхатида еттинчи ўринни эгаллади. Ўзбекистонлик Жавоҳир Синдаров эса ушбу рўйхатда олтинчи ўринда турибди. Синдоров 2017 йилда 11 ёш, 6 ой ва 16 кунлигида халқаро мастерлик талабларини бажарган эди.
Маълумот учун, Бодхана Сиванандан жорий йилнинг сентябрь ойида Самарқандда ўтказилган Шахмат олимпиадасида ҳам аёллар ўртасидаги энг ёш гроссмейстер бўлиш учун зарур талабларни бажарган эди.
