Ўзбекистон паспорти Henley Passport Index 2026 халқаро рейтингида 82-ўринни эгаллади. Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон паспорти 66-ўрин билан энг юқори натижани қайд этди.
Henley Passport Index паспортларни уларнинг эгалари олдиндан виза олмасдан бориши мумкин бўлган йўналишлар сонига қараб баҳолайди. 2026 йилги тадқиқотда 199 та паспорт ва 227 та саёҳат йўналиши кўриб чиқилган.
Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон паспорти энг кучли деб топилди. Унинг эгалари олдиндан виза олмасдан 77 та йўналишга саёҳат қилиши мумкин. Минтақадаги бошқа давлатларнинг рейтингдаги ўринлари қуйидагича:
Қирғизистон — 81-ўрин, 59 та йўналиш;
Ўзбекистон — 82-ўрин, 57 та йўналиш;
Тожикистон — 87-ўрин, 52 та йўналиш;
Туркманистон — 93-ўрин, 44 та йўналиш.
Таққослаш учун, Ўзбекистон 2026 йил апрелида эълон қилинган паспорт индексида 74-ўринни, йил бошида эса 75-ўринни эгаллаган эди. Янги рейтингда мамлакатнинг ўрни пасайган.
Рейтингнинг юқори поғонасида аввалги натижаларда бўлгани каби Сингапур жойлашган. Ушбу мамлакат фуқаролари дунёнинг 193 та йўналишига олдиндан виза олмасдан бориши мумкин. Кейинги ўринларда Япония, Жанубий Корея, БАА, Швеция, Бельгия, Дания, Финляндия, Франция ва Германия жойлашган. Бу давлатлар фуқаролари 186 та ва ундан ортиқ йўналишга визасиз саёҳат қилиш имкониятига эга.
