Қуёш тизимида саккизтадан кўп сайёра борлиги ҳақидаги фараз узоқ вақтдан бери мавжуд. Бироқ шу пайтгача тўққизинчи сайёра борлигининг аниқ белгиси топилмаган эди. Тайванлик олимлар бу борада катта ютуққа эришди. Бу ҳақда The Economic Times хабар берди.
Wион нашрининг ёзишича, улар тўққизинчи сайёра мавжудлигининг реал белгиларини илк бор аниқлаган. Олимлар тўққизинчи сайёрага хос деб ҳисобланадиган белгиларга эга, хусусан, хира ва секин ҳаракат қилаётган обектни топди.
Олимлар ўнлаб йиллар олдин йиғилган инфрақизил маълумотларни таҳлил қилди. Натижада бир тадқиқотда маълум жойда бўлган, 23 йилдан кейин ўтказилган иккинчи тадқиқотда эса бошқа жойга кўчгани аниқланган объект топилди.
Тайвандаги Миллий Цинҳ Ҳуа университети олимларининг тадқиқоти Австралия астрономия жамияти журналида чоп этилди. Муаллифларнинг билдиришича, миллионлаб инфрақизил манбалар таҳлил қилингач, айнан шу объект энг яхши номзод сифатида ажралиб чиққан.
Бироқ улар бу тўққизинчи сайёра борлигини тўлиқ тасдиқламаслигини айтмоқда. Унинг мавжудлиги ҳали тўлиқ исботланиши ёки инкор этилиши мумкин.
Нега уни топиш қийин?
Тўққизинчи сайёра ҳақидаги фараз ҳозирча гипотеза бўлиб қолмоқда. Бироқ у ҳали бирор марта бевосита кузатилмаган бўлса-да, астрономлар унинг мавжудлигига ишонишади. Бунга далиллар етарли.
Объект аниқланган ҳудудда бир нечта бошқа обектлар ўша номаълум жисм атрофида тўплангандек кўринмоқда. Обектларнинг ғайриоддий қия орбитаси улар каттароқ жисмнинг тортиш кучи таъсирида ҳаракатланаётганини англатади.
Бу сайёра Нептун ортида, юзлаб астрономик бирлик масофада яширинган. У қуёш нури деярли тушмайдиган совуқ ва қоронғи ҳудудда жойлашган. Шунинг учун тўққизинчи сайёрани аниқлаш ўта қийин, чунки у Ерга деярли нур қайтармайди. Бироқ сайёралар иссиқлик чиқаради. Шу боис астрономлар инфрақизил нурланишни аниқлай оладиган космик аппаратлардан фойдаланишни бошлади.
Тадқиқот қандай олиб борилди?
Тери Лонг Фан бошчилигидаги жамоа инфрақизил нурлар ўрганилган иккита миссия маълумотларини ўрганиб чиқди. Бу миссиялар 1983 йилда учирилган IRAS сунъий йўлдоши ва 2006–2007 йилларда кузатувлар олиб борган Япониянинг AKARI космик аппарати орқали амалга оширилган.
Узоқ вақт оралиғи олис сайёранинг ўрни қандай ўзгарганини тушунишга имкон берди. Улар ҳар иккала тадқиқотда ҳам кўринган ва секин ҳаракатга мос келадиган обектларни қидирди. Охир-оқибат фақат битта номзод қолди. Бу объект IRAS ва AKARI кузатувлари оралиғида 47,46 ёй минутига силжиган эди.
