Япония Ой атрофида улкан қуёш ҳалқасини қуришни режалаштирмоқда. Ушбу технология Ерга чексиз миқдорда тоза энергия узатиш имконини бериши мумкин. Бу ҳақда Daily Galaxy нашри хабар берди.
Лойиҳа Luna Ring деб номланади. Уни 1804 йилда ташкил этилган, бош қароргоҳи Токиода жойлашган Shimizu Corporation қурилиш компанияси таклиф қилган. Компаниянинг асосий фаолияти архитектура, қурилиш-муҳандислик ишлари ва қурилиш лойиҳаларини амалга оширишдан иборат. Унинг йиллик даромади қарийб 15 миллиард долларни ташкил этади.
“Ерда олиб борилган водород Ойда тупроқ билан биргаликда кислород ва сув олиш учун ишлатилади. Сув қум ва шағал билан аралаштирилиб, бетон тайёрлашда қўлланади. Қуёшнинг иссиқлиги қурилиш блоклари ва шиша тола ишлаб чиқариш имконини беради. Деярли ҳеч бир иш одамлар томонидан бажарилмайди. Қурилиш Ердан бошқариладиган роботлар томонидан ўзиюрар ишлаб чиқариш қурилмалари ва кичик астронавтлар жамоаси кўмагида амалга оширилади”, дейилади хабарда.
Shimizu Corporation маълумотига кўра, Ойдаги қум таркибидаги оксидларга Ердан водород етказиб бериш орқали кислород ва сув ишлаб чиқариш мумкин.
Роботлар Ой бўйлаб узунлиги 11 километрли қуёш панеллари камарини қуради. Ушбу панеллар ишлаб чиқарган электр энергияси Ерга узатилади. Ой юзасининг исталган бир нуқтаси тахминан 327,5 соат давомида қуёш нурини олади, шундан кейин эса 327,5 соат қоронғиликда қолади. Аммо Ой экватори бўйлаб қурилган ҳалқанинг бир қисми доимо Қуёш нури остида бўлади. Бундан ташқари ёруғликка тўсқинлик қиладиган омил бўлмайди. Ойда булутлар, бўронлар ёки ёмғир йўқ, у ерга қуёш нури ҳар квадрат метрга тахминан 1361 ватт тушади, Ер юзасида эса бу 1000 ваттга тенг.
Электр энергияси кабеллар орқали Ойнинг доимо Ерга қараб турадиган томонига узатилади. У ерда электр энергияси микротўлқинлар ва лазер нурларига айлантирилиб, Ер юзасига йўналтирилади. Ерда эса ректенналар — ушбу нурларни қайта электр энергиясига айлантирувчи махсус антенналар – энергияни қабул қилади. Shimizu компанияси ҳисоб-китобларига кўра, тизимнинг максимал қуввати 13 000 тераваттга етиши мумкин. Бу дунёнинг ҳозирги электр энергияси истеъмолидан тахминан 500 баравар кўп.
“Космосда қуёш панелларига доимий равишда қуёш нури тушиб туради. Ушбу панеллар ишлаб чиқарган барча энергия Ерга етиб келадиган бўлса, кўмир, нефть ёки биомасса ёрдамида энергия ишлаб чиқаришга эҳтиёж қолмайди”, деган Shimizu компаниясининг космик лойиҳалар бўйича маслаҳат гуруҳи — CSP Japanпрезиденти Тецужи Ёшида.
Аммо япониялик иқтисодчи лойиҳага шубҳа билан қарамоқда.
“Ойда қуёш энергиясини ишлаб чиқариш назарий жиҳатдан яхши ғоя, аммо унинг харажатлари жуда юқори. Биз тадқиқотларни давом эттира олсак, бу лойиҳа ҳақиқатга айланиши учун улкан имконият бор, деб ҳисоблаймиз”, деди Япониянинг Энергетика иқтисодиёти институти вакили Масанори Комори.
Лойиҳа санаси ва қиймати
Shimizu компанияси қурилишни 2035 йилдан олдин бошлаш мумкин эмаслигини билдирган ва лойиҳа учун 30 йил вақт ажратишни режалаштирган. Роботларни бошқарувчи мутахассислар эса алоқа кечикишини ҳисобга олишлари керак: Ердан қарийб 384 минг километр узоқликдаги Ойга юборилган сигнал тахминан 2,6 сонияда етиб боради. Лойиҳа қиймати ҳозирча эълон қилинмаган.
Ташқи экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, унинг нархи 100 миллиард доллардан бошланиб, бир неча триллион долларгача етиши мумкин. Таққослаш учун, оғирлиги қарийб 420 минг килограмм бўлган Халқаро космик стансияни қуриш тахминан 150 миллиард долларга тушган.
