Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Одирмон шаҳар археологик ёдгорлигида олиб борилаётган қазишмалар давомида диний маросимлар билан боғлиқ алтар (меҳроб) ва ноёб остодон топилди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар берди.
Қазишмалар жорий йилда илк бор Самарқанд археология институти ходими Санжар Абдурахимов томонидан олиб борилмоқда. Ёдгорликнинг шимоли-шарқий қисмидан аниқланган алтар баландлиги 70 сантиметр, эни 90 сантиметр бўлиб, унда ёнғин излари яхши сақланган. Унинг пол қисмига 18×28×2,5 сантиметр ўлчамдаги пишган кафелсимон ғиштлар терилган, иншоот атрофи эса 2,5–3 сантиметр қалинликдаги лой сувоқ билан қопланган.

Сувоқ қатламларининг бир неча бор янгилангани алтардан узоқ вақт фойдаланилганини ва у мунтазам таъмирланганини кўрсатади.
Ёдгорликдан топилган остодоннинг ташқи юзасида кийик ва арча дарахтига ўхшаш нақшлар акс этган. Тасвирларнинг мазмуни реставрация ишлари якунлангач янада батафсил ўрганилиши кутилмоқда.

Мутахассисларнинг дастлабки хулосаларига кўра, Одирмон шаҳар ёдгорлиги милоддан аввалги III аср ва милодий III асрлар оралиғига оид. Аниқланган алтар ва остодон бу ҳудудда яшаган қадимги аҳолининг диний қарашлари, маросимлари ва дафн анъаналарини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Археологик тадқиқотларни давом эттириш ёдгорликнинг тарихий ва маданий аҳамиятини янада чуқурроқ ўрганиш имконини беради.
