Ўзбекистонда 2027 йил охиригача Андижон—Самарқанд йўналишида тезюрар электропоездлар қатновини йўлга қўйиш таклиф этилмоқда. Бу Транспорт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган президент қарори лойиҳасида назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, ҳозирда Тошкент—Андижон йўналишида ҳаракатланаётган тезюрар электропоездлар қатновини Самарқанд шаҳригача узайтириш режалаштирилган. Шу орқали Фарғона водийси, Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ўртасидаги транспорт алоқаларини ривожлантириш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, 2027 йил июлидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятини қамраб олувчи ягона транспорт боғламасини шакллантириш таклиф қилинган. У “Тошкент-Шимолий” ва “Тошкент-Жанубий” темир йўл вокзаллари, Тошкент халқаро аэропорти ҳамда Тошкент марказий автовокзалини ўзаро боғлайди.
Бундан ташқари, Чирчиқ, Янгийўл, Ангрен ва Олмалиқдан келувчи йўловчилар учун шаҳар атрофи электропоездлари қатновлари сонини 1,5 баробарга ошириш ҳамда метро бекатларига бевосита трансфер ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Фарғона водийсида эса 2028 йил охиригача Қўқон—Поп—Наманган—Андижон—Марғилон—Қўқон ҳалқа йўналиши бўйлаб кунлик электропоездлар қатновини икки баробарга ошириш таклиф этилган.
Шунингдек, Поп темир йўл стансиясидан Наманган шаҳри автовокзалигача мунтазам микроавтобус қатновларини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Стратегия доирасида 2030 йилгача маҳаллий йўналишларда ҳаракатланадиган электропоездлар сонини 30 тага, йўловчи вагонлари паркини эса 650 тага етказиш мақсад қилинган.
Мазкур ўзгаришлар ҳозирча президент қарори лойиҳасида акс этган бўлиб, ҳужжат 11 ноябргача жамоатчилик муҳокамасида бўлади.
