Жанубий Корея монополияга қарши идораси (KFTC) Samsung компаниясини 15 миллион доллар жаримага тортди. Сабаби — Galaxy смартфонларининг ўйинлар пайтидаги унумдорлиги яширинча пасайтирилган.
Текширувларга кўра, Galaxy S21, S22 флагманлари ва Tab S8 планшетлари муайян ўйинлар ишга туширилганда, ҳатто қурилма қизиб кетмаган бўлса ҳам, процессор ва график тезлаткич қувватини автоматик равишда чеклаб қўйган. Ваҳоланки, Samsung қурилмаларнинг ўйинлардаги юқори унумдорлигини фаол реклама қилган, харидорларни шунақа чекловлар ҳам борлиги ҳақида огоҳлантирмаган.
Galaxy S22 смартфонида ўйинлардан бири ёқилганда процессорнинг энг юқори частотаси қарийб 69 фоизга, график тезлаткичники эса 73 фоизгача пасайиб кетган. Samsung ушбу тизим ишини 2022 йилда ўзгартирган эди.
Ҳозирча жарима ҳисоб-китоб босқичида турибди, компания ушбу қарор устидан шикоят қилиш ниятида.
