Грузия мухолифати мамлакатда янги норозилик намойишлари тўлқини бошланганини эълон қилди. Жорий йилнинг 28 ноябрь куни йирик акция ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда DW хабар берди.
Кеча, 25 октябрь куни Тбилисида ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси сиёсатига қарши намойиш бўлиб ўтган. “Иванишвилисиз Грузия” шиори остида ташкил этилган юриш мухолифат ва фуқаролик жамияти вакиллари томонидан ўтказилган.
Намойиш иштирокчилари Тбилиси давлат университетидан Руставели проспекти томон юриш қилган. Маълумотларга кўра, акцияда минглаб одам қатнашган. Улар Грузия, Украина ва Европа Иттифоқи байроқларини кўтариб чиққан.
Шунингдек, намойиш жойида кўплаб ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бўлгани хабар қилинган.
“Ўзгаришлар коалицияси” етакчиси Ника Гварамия намойишни янги норозилик тўлқинининг бошланиши деб атаган. Унинг таъкидлашича, 28 ноябрь куни имкон қадар кўпроқ одам қатнашадиган йирик акция ўтказиш муҳим.
“Европа Грузияси” партияси етакчиси Гиги Церетели ҳам мамлакатдаги демократик жараёнлар ва сиёсий ҳаёт чекланаётганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, мухолиф партияларни тақиқлашга қаратилган жараёнлар ва сиёсий маҳбуслар масаласи Грузия учун жиддий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.
Грузияда оммавий норозилик намойишлари 2024 йилнинг баҳорида “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳаси сабаб бошланган. Намойишлар ўша йилги парламент сайловларида “Грузия орзуси” партияси ғалаба қозонганидан кейин ҳам давом этган. 2024 йил ноябрида эса ҳукуматнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш бўйича музокараларни 2028 йилгача кечиктириш қарори ортидан норозилик янада кучайган.
Аввалги намойишлар вақтида намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз берган, ҳуқуқ-тартибот идоралари кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлардан фойдаланган.
