Тошкентда ноқонуний ГСМ-шлюз қурилмаларидан фойдаланиб, сохта Call-марказ ташкил қилган жиноий гуруҳ фош этилди, деб хабар бермоқда ДХХ.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшовчи, 1989–2005 йиллар оралиғида туғилган беш нафар шахс Миробод туманидаги нотурар бинони ижрага олиб, сохта Call-марказ ташкил этган. Гуруҳ билан алоқадор бўлган 37 ёшли фуқаро эса ўзганинг яшаш хонадонини ижарага олиб, Call-марказ фаолиятида фойдаланиш мақсадида ушбу манзилга ГСМ-шлюз қурилмасини ўрнатган.
Тошкент вилоятида яшовчи, муқаддам судланган 49 ёшли шахс раҳбарлик қилган жиноий гуруҳ аъзолари орасида нуфузли банклардан бирининг бош офиси киберхавфсизлик бўлими ишчиси ҳам бўлган.
Гуруҳ аъзолари турли банклар номидан фуқароларга қўнғироқ қилиб, гўёки уларнинг номига фирибгарлар томонидан кредит олишга уриниш бўлаётганини айтиб, алдов йўли билан жабрланувчиларнинг шахсий маълумотларини қўлга киритиш орқали, уларнинг банк карталаридаги пул маблағларини ўзлаштиришган ҳамда номларига онлайн кредитлар расмийлаштиришган.
Натижада жиноий йўл билан топилган жами 8 млн АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағаларини криптовалюта кўринишида сохта МЧЖ орқали хорижий давлатга олиб чиқиб, легаллаштиришган.
Қонунбузарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов жараёнида уларга алоқадор бўлган 10 нафар шахс аниқланди.
