Ўзбекистон билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва мамлакатнинг халқаро нуфузини оширишга ҳисса қўшган хорижликларни тақдирлаш учун иккита янги давлат мукофотини таъсис этиш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 22 октябрь куни Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида “Ўзбекистон эҳтироми” орденларини таъсис этиш тўғрисидаги қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилган.

Қонун лойиҳасида икки даражали давлат мукофоти – “Олий даражали Ўзбекистон эҳтироми” ва “Ўзбекистон эҳтироми” орденларини таъсис этиш назарда тутилган.
Ушбу орденлар Ўзбекистоннинг халқаро манфаатларини илгари суриш, давлатлараро стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ҳамда халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган хорижий давлат ва жамоат арбоблари, сиёсатчилар ҳамда чет эл фуқароларига берилиши мумкин.
Муҳокама якунида қўмита томонидан тегишли қарор қабул қилинган.
