Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёева глобал соғлиқни сақлашга қўшган ҳиссаси учун нуфузли мукофотга сазовор бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Қайд этилишича, Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган “Болалар фаровонлигига инвестициялар: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт йўлида” халқаро саммити ҳамда Болалар онкологияси ва гематологияси бўйича II халқаро конгресс доирасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Бош директори Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёевага онкологик касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантиришдаги етакчилиги ва ҳар бир боланинг соғлом ҳаёт кечириш ҳуқуқини глобал миқёсда илгари сургани учун нуфузли халқаро мукофотни топширган.

“Муҳтарам Биринчи хоним! Сиз бутун дунёда болалар, айниқса, онкологик касалликлар билан курашаётган болалар манфаатлари йўлида чинакам курашчи, ҳар бир боланинг таълим олиш ва соғлом ҳаёт кечириш ҳуқуқининг ҳимоячисисиз”, дейди ЖССТ Бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесус.
Маълумот учун, ушбу мукофот 2019 йилда таъсис этилган. У аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида аниқ натижалар берган алоҳида етакчилик ва юксак ютуқлар учун берилади.
Аввалги йилларда ушбу мукофотга давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, Нобель мукофоти совриндорлари, таниқли олимлар ва жамоат арбоблари сазовор бўлган. Улар глобал эмлашни ривожлантириш, юқумли касалликларга қарши курашиш, тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва соғлиқни сақлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун тақдирланган.
