Покистоннинг Пешовар шаҳрида хусусий мактаб томи қулаши оқибатида 17 нафар ўқувчи ва бир ўқитувчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда “24NewsHD” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса бугун, 15 октябрь куни эрталаб шаҳарнинг Деир колонияси ҳудудидаги “Al-Khair School System” мактабида юз берган. “Lady Reading” шифохонаси вакили Муҳаммад Осимнинг билдиришича, воқеа жойидан 17 нафар бола ва бир аёл ўқитувчининг жасади шифохонага олиб борилган. Бундан ташқари, 40 нафардан ортиқ жароҳатланган ўқувчи ва мактаб ходимлари ҳам шифохонага етказилган.
Жароҳатланганларнинг айримлари оғир аҳволда экани айтилмоқда. Шифохонага олиб борилган болаларнинг ёши 13 ёшгача бўлган. Қутқарувчилар вайроналар остида қолган бўлиши мумкин бўлган болаларни излаш ва жароҳатланганларни олиб чиқиш ишларини давом эттирмоқда. Ҳодиса жойида қутқарув гуруҳлари билан бирга полиция ва маҳаллий маъмурият вакиллари ҳам ишламоқда.
Билдирилишича, ҳозирча мактаб томининг нима сабабдан қулагани маълум қилинмаган.
