Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган ҳусийлар ҳаракати Саудия Арабистонидаги нефть иншоотлари, аэропортлар ва ҳарбий объектга қарши олтита ҳужум амалга оширганини маълум қилди. Бу ҳақда ҳаракат вакили Яҳё Сари кеча, 29 октябрь куни X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.
Қайд этилишича, ҳусийлар “Рас-Танура” нефтьни қайта ишлаш заводига баллистик ракета, Абқайқ шаҳридаги “Saudi Aramco” объектига ракета билан зарба берган. Шунингдек, Ар-Риёддаги “Подшоҳ Холид” халқаро аэропортига бир нечта ракета, Даммомдаги “Подшоҳ Фаҳд” халқаро аэропортига эса дрон орқали ҳужум уюштирилган.
Бундан ташқари, “Рабиғ” нефтни қайта ишлаш заводи баллистик ракета билан нишонга олинган. Нажрон минтақасидаги Саудия Арабистони ҳарбий объектига ҳам ҳужум қилинган.
Яҳё Сарининг даъво қилишича, “Даммом” аэропортига дрон орқали уюштирилган ҳужум ҳаво қатновининг издан чиқишига сабаб бўлган. Нажрон минтақасидаги ҳужум оқибатида эса Саудия ҳарбий хизматчилари ва офицерлари ҳалок бўлган ҳамда яраланган.
Ҳусийлар Саудия Арабистонининг ўзлари “тажовуз” деб атаётган ҳаракатлари ва Яманга нисбатан блокада бекор қилинмагунча, мамлакат ичкарисидаги нишонларга қарши ҳарбий амалиётларни давом эттиришини билдирган.
Бироқ ҳозирча ҳусийларнинг ҳужумлар ҳақидаги даъволари расмийлар томонидан тасдиқланмаган.
