Норвегиянинг Рена шаҳри яқинидаги даладан викинглар хазинаси топилди. Қарийб 1000 йил давомида ер остида ётган 5500 дан ортиқ кумуш тангани икки нафар ҳаваскор қидирувчи аниқлади. Бу ҳақда Bild нашри хабар берди.
Руне Сетре ва Вегард Сетре апрель ойида металл детектор ёрдамида дастлабки 19 та тангани топиб, бу ҳақда дарҳол ҳокимиятга хабар берган. Кейинчалик археологлар қазишма ишларини бошлаган ва минглаб янги тангаларни аниқлаган. Даладан ҳосил йиғиб олингач, қидирувлар давом эттирилган ва топилмалар сони 5000 тадан ошган.
Топилмалар орасида Норвегия қироли, Авлиё Олаф номи билан танилган Олаф Ҳаралдссоннинг ноёб тангаси алоҳида қийматга эга. Шу пайтгача бундай тангалардан атиги 20 таси маълум эди. Уларнинг аксарияти Норвегиядан ташқарида топилган. Танганинг бир томонида қирол, бошқа томонида эса насронийлик ёзуви туширилган хоч тасвирланган.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, хазина, тахминан, 1046–1047 йилларда, Ҳаралд Шиддатлининг бошқарув даврида яширилган. Тангалар орасида Англия, Германия ва бошқа Европа давлатлари ҳукмдорларининг тангалари ҳам бор. Улар тарихда ушбу ҳудуд Европанинг катта қисми билан савдо алоқаларига эга бўлганидан далолат беради.
Олимлар тангаларни ўрганиш викинглар даври иқтисодиёти ва савдосини яхшироқ тушунишга ёрдам беради, деб умид қилмоқда. Хазинанинг дастлабки экспонатлари 20 ноябрдан бошлаб Ослодаги Тарих музейида намойиш этилади.
