Жиззах шаҳрида заргарлик буюмлари савдо дўконига ўғрилик мақсадида киришга тайёргарлик кўрган 21 ёшли йигит қўлга олинди. У аввал ҳам ўғрилик билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланган бўлиб, айни пайтда пробация гуруҳи назоратида жазо ўтаётган бўлган.
Қайд этилишича, воқеа Жиззах шаҳри Маданият маҳалласида содир бўлган. Тунги хизматни олиб бораётган вилоят ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати, жамоат тартибини сақлаш бошқармаси пост-патрул хизмати ходимлари қора ниқоб ва қора кепка кийган, қўлини ҳимояловчи буюм ҳамда елкасида қора сумкаси бўлган шубҳали шахсга эътибор қаратган.
Ходимлар вазиятни баҳолаб, қўшимча куч сўраган ва маҳалланинг бошқа ҳудудларида навбатчилик қилаётган ходимлар билан тезкор алоқа ўрнатган. Кўрилган чоралар натижасида яширинишга уринган шахс кўп ўтмай қўлга олинган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 2005-йилда туғилган йигит заргарлик буюмлари савдо дўконига ўғрилик мақсадида кириш учун олдиндан тайёргарлик кўрган. Ундан ойна кесиш, қулфларни бузиш ва бошқа ҳаракатларда фойдаланилиши мумкин бўлган махсус мосламалар ҳамда дўкондан олинган буюмлар ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.
Текширув давомида унинг муқаддам ўғрилик билан боғлиқ жиноят содир этгани аниқланган. Ушбу қилмиши учун Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди томонидан жиноий жавобгарликка тортилган ва ҳозирда ички ишлар органларининг пробация гуруҳи назоратида жазо ўтаётгани маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда процессуал ҳаракатлар олиб борилмоқда. Унинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва бошқа эҳтимолий жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш бўйича чоралар кўрилмоқда.
