Қашқадарё вилоятида экологик назорат тадбири вақтида экополиция ходимларига қаршилик кўрсатилди. Ҳодисалардан бирида Ғузор тумани Экология ва иқлим ўзгариши бўлими бошлиғи ҳушсиз ҳолатда шифохонага олиб кетилган.
Қайд этилишича, 11 сентябрь куни Қашқадарё вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармасининг Ғузор тумани бўлими бошлиғи Баҳром Тошпўлатов ҳушсиз ҳолатда вилоят шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, Баҳром Тошпўлатов Ғузор тумани “Қовчин” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Қашқадарё дарёсида ноқонуний қум-шағал қазиб олиш ҳолатларини аниқлаш бўйича рейд тадбирида ҳуқуқбузарлар ҳужумига учраган.
Уни шу ҳудудда фуқаролардан бири ҳушсиз ҳолатда топиб, шифохонага олиб келган. Ҳозирда тиббиёт муассасасида унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Шунингдек, 6 сентябрдан 7 сентябрга ўтар кечаси Ғузор тумани “Қовчин” МФЙнинг Араб қишлоғи ҳудудида экополиция инспекторлари томонидан экологик назорат рейди ўтказилган.
Рейд давомида Қашқадарё дарёсининг муҳофаза этиладиган ҳудудида ноқонуний қум-шағал қазиб олинаётгани аниқланган. Экополиция ходимлари қонунбузарликни тўхтатиб, техникани жарима майдонига олиб кетаётган вақтида ҳуқуқбузарлар уларга фаол қаршилик кўрсатган.
Хусусан, давлат рақамисиз қора рангли Kia К5, шунингдек, давлат рақами 70 К 413 АА бўлган Lacetti ва Cobalt автомобилларида келган шахслар йўлни тўсиб, инспекторлардан бирига тан жароҳати етказган. Шунингдек, жарима майдонига олиб кетилаётган техника воситасини олиб қочган.
Мазкур икки ҳолат юзасидан Ғузор туман прокуратураси ва ИИБнинг тезкор-тергов гуруҳи томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
