Бельгиялик Фрэнсис Ҳальцен физика бўйича 2026 йилги Нобель мукофоти лауреати бўлди. Мукофот IceCube нейтрино обсерваториясини яратишга қўшган ҳал қилувчи ҳиссаси ҳамда астрофизик келиб чиқишга эга бўлган юқори энергияли нейтриноларни кашф этгани учун берилди. Бу ҳақда Нобель қўмитаси сайтида хабар берди.
“Фрэнсис Ҳальцен биз учун фантастик восита яратган тадқиқотчилар ва муҳандисларнинг халқаро жамоасига раҳбарлик қилди. Унинг матонати ва илмий нигоҳи астрономиянинг янги турига йўл очди”, дейди Физика бўйича Нобель қўмитаси раиси Марк Пирс.
Қўмита нейтринони “коинотдан келган арвоҳона мактублар” деб таърифлаган. IceCube нейтрино обсерваторияси Ернинг Жанубий қутбида, Антарктикадаги Амундсен-Скотт станцияси ҳудудида жойлашган. Лойиҳанинг вазифаларидан бири олис коинотдан учиб келувчи юқори энергияли нейтриноларни қидиришдан иборат.
IceCube нейтринони Антарктида музининг ичкарисига чуқур жойлаштирилган 5 мингдан ортиқ рақамли оптик модуллар ёрдамида аниқлайди. Муз қатлами орқали ўтаётганда ушбу заррачалар электр зарядига эга мюонларни ҳосил қилади, улар эса Вавилов-Черенков нурланиши деб аталувчи ҳодиса бўйича қайд этилади. Ушбу нурланиш зарядланган заррача шаффоф муҳитда шу муҳитдаги ёруғлик тарқалиш тезлигидан юқори тезликда ҳаракатланганда юзага келади. Нурланиш мюонларнинг энергияси ҳақида хулоса чиқариш имконини беради.
