Янги пилот лойиҳа доирасида Ўзбекистондан илк бор 40 нафар қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассиси Италияга мавсумий ишга юборилди. Бу ҳақда Миграция агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, иштирокчилар 2 ой давомида италян тилини ўрганиб, зарур тайёргарликдан ўтди. 1 октябрдан улар Италиянинг SALVI ташкилотида мева-сабзавотларни қайта ишлаш соҳасида фаолият олиб бормоқда.
“Мавсумий ишнинг афзаллиги — фуқаро оиласидан узоқ йилларга ажралмайди: белгиланган даврда қонуний ишлайди, даромад ва халқаро тажриба орттиради, сўнг ватанга қайтиб, эгаллаган кўникмаларини кейинги фаолиятида қўллаши мумкин”, дейилади агентлик хабарида.
Қайд этилишича, пилот лойиҳа натижалари асосида Италияга ташкилий тартибда ишга юбориладиганлар сонини босқичма-босқич ошириш ва янги меҳнат йўналишларини очиш режалаштирилган.
Агентлик ахборотига кўра, энди тиббиёт йўналишида ҳамкорлик кенгайтирилади. Йил якунига қадар 20 нафарга яқин олий маълумотли ҳамширани Миланда ишлашга тайёрлаш режалаштирилган, айни пайтда 30 нафар шифокор италян тилини ўрганмоқда. Ломбардия, Пиэмонт ва Сардиния ҳудудларида Ўзбекистондан тиббиёт ходимларини жалб этишга қизиқиш катта. Шу йилнинг февралида Миграция агентлиги олий маълумотли ўрта тиббиёт ходимлари учун Италиянинг Милан шаҳрида 1800 евро ойлик маошли ишда меҳнат қилиш имкони борлигини маълум қилганди.
2026 йилнинг март ойида ўзбекистонликларни Италиянинг аграр соҳасига ишга жалб этиш бўйича муҳим келишувларга эришилганди. Миграция агентлиги ҳамда Италиянинг Associazione Imprese Ortofrutticole ташкилоти ўртасида ҳамкорлик битими имзоланганди. Келишувга кўра, фуқаролар Италияга 3 ойдан 9 ойгача бўлган мавсумий ишларга жалб этилиши маълум қилинганди.
