Хитой АҚШ билан коинотни ўзлаштириш борасидаги рақобат кучайиб бораётган бир пайтда, 2028 йил охиригача Марснинг геологик харитасини тузишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда South China Morning Post хабар берди.
Харита сайёранинг бутун юзасини қамраб олиши ва Марснинг геологик даврларини белгилашда халқаро стандартга айланиши кутилмоқда. У Хитойнинг Марсга тайёрлаётган навбатдаги Tainwen-3 миссиясининг бир қисмига айланади. Лойиҳа доирасида Tainwen-3 миссияси қўнадиган ҳудуднинг 1:50 000 масштабдаги батафсил геологик харитаси ва атласи ҳам яратилади.
“У келажакда Ой, Венера ва астероидларни геологик хариталашда модель бўлиб хизмат қилади”, дейилади хабарда.
Миссиянинг бош олими Ҳоу Зенгсянга кўра, харитага Хитойнинг Марсга жўнатган биринчи ровери — “Чжу Ронг”дан олинган маълумотлар киритилади. Ушбу маълумотлар Қизил сайёрада тахминан 3,5 миллиард йил аввал океан бўлгани ва 1,6 миллиард йил аввал қисқа муддатли сув тошқинлари юз бергани эҳтимолини кўрсатмоқда.
“Чжу Ронг” сайёрага 2021-йил май ойида Tainwen-1 миссияси доирасида қўнган эди. Шу тариқа Хитой Марсга ровер қўндирган АҚШдан кейинги иккинчи давлатга айланди. У Марс юзасида деярли бир йил ишлаб, 1,9 километрдан ортиқ масофани босиб ўтди.
Хитой 2028 йил охирида Tainwen-3 миссиясини учиришни режалаштирмоқда. Миссия доирасида Марсдан камида 500 грамм намуна йиғиб, 2031 йил атрофида Ерга олиб келиш кўзда тутилган. Агар бу вазифа муваффақиятли бажарилса, Хитой Марс намуналарини Ерга олиб келган биринчи давлат бўлади.
Миссияда икки космик аппарат учирилади. Биринчиси Марсга қўниш модулини ва сайёра юзасидан йиғилган намуналарни орбитага олиб чиқадиган қурилмани етказади. Иккинчиси эса намуналарни Ерга қайтариш учун орбитал модул ва капсулани олиб боради.
Ҳозирда НАСА ва Европа космик агентлигининг Марс намуналарини қайтариш бўйича қўшма миссияси харажатлар ва такрорий кечикишларга дуч келмоқда. 2021 йил феврал ойидан бери Марсда ишлаётган Perseverance ровери ўнлаб тоғ жинслари ва тупроқ намуналарини тўплаб, сақлаб қўйган.
Дастлабки режага кўра, ушбу намуналар 2030 йилларда олиниб, Ерга қайтарилиши керак эди. Аммо НАСА 2024 йилда бу дастур 11 миллиард долларга тушишини ва намуналарни 2040 йилдан олдин қайтаришнинг имкони бўлмаслигини прогноз қилди.
АҚШ Конгресси юқори нарх ва такрорий кечикишлар туфайли мавжуд дастурни молиялаштиришни қисқартириб, уни амалда тўхтатган. Натижада ажратилган маблағларнинг бир қисми арзонроқ технологияларни ишлаб чиқишга қаратилган янги Mars Future Missions ташаббусига йўналтирилди. Шу сабабли, келажакда Марс намуналарини қайтариш масаласи ноаниқлигича қолмоқда.
