Қашқадарёнинг Ғузор туманида пахта учун сепилган дори сабаб мактаб ўқувчилари заҳарланди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 23 сентябрь куни соат 11:45 ларда Ғузор туманидаги 51-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 21 нафар ўқувчиси кўнгил айниши ва бош оғриғи каби аломатлар билан Ғузор туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган.
Ўрганишлар натижасида аниқланишича, мактаб биноси жойлашган “Янгиобод” маҳалласига туташ ҳудудда “Шохмалик Шермурод ўғли” фермер хўжалигига тегишли жами 88 гектар ер майдони мавжуд бўлиб, шундан 20 гектари мактаб атрофида жойлашган. Мазкур ер майдонларига пахта экилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, шу куни соат тахминан 09:00 ларда фермер хўжалиги томонидан пахтанинг эрта етилишини таъминлаш мақсадида “Агро Аугрон” номли дори воситаси сепилган. Бунинг оқибатида мактабда бўлган 10–11-синфларнинг 22 нафар ўқувчиси ҳаво орқали заҳарланганлик аломатлари билан тиббиёт муассасасига ётқизилган, уларга бирламчи “Ошқозон диспепсия синдроми“ ташхиси қўйилган.
Ҳозирда 7 нафар ўқувчи Ғузор туман тиббиёт бирлашмасида стационар даволанмоқда. Қолган 15 нафар ўқувчининг соғлиғи яхшиланганлиги муносабати билан улар яшаш манзилига жавоб берилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 201-моддаси (зарарли кимёвий моддалар билан муомалада бўлиш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Бу жиноят учун БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилиши белгиланган.
Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тегишли экспертизалар тайинланган. Айни вақтда Қашқадарё вилояти ИИБ Тергов бошқармаси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
