Дунё бўйлаб 2025 йилда саноат ва профессионал хизматлар учун мўлжалланган 7 мингга яқин гуманоид роботлар сотилган, деб хабар берди Reuters Халқаро робототехника федерацияси (IFR) маълумотларига таяниб.
IFR мезонларига кўра, одамлар учун мўлжалланган муҳитда автоном тарзда ишлай оладиган ва одамсимон ташқи кўринишга эга бўлган робот гуманоид ҳисобланади. Оёқларнинг бўлиши мажбурий эмас.
Гуманоид роботлар савдоси ҳозирча анъанавий робототехника бозори ҳажмидан сезиларли даражада паст. 2024 йилда дунёда 542 мингга яқин саноат роботлари сотилган бўлса, транспорт, меҳмонхона бизнеси ва тозалаш учун хизмат кўрсатувчи гуманоид роботлар савдоси эса қарийб 199 минг донани ташкил этган.
IFR бош котиби Сюзанна Биллернинг таъкидлашича, 2025 йилда сотилган кўплаб гуманоид роботлар ишлаб чиқаришда фойдаланилмаган, маълумот тўплаш ва сунъий интеллект моделларини такомиллаштириш учун уларни тадқиқот институтлари ва компаниялар сотиб олган.
Гуманоид роботларни биринчилардан бўлиб жорий қила бошлаган автомобил ишлаб чиқарувчи заводларда аллақачон тажриба лойиҳалари амалга оширилмоқда. Биллернинг сўзларига кўра, айрим ҳолларда корхоналар бир нечта ёки ўнлаб шундай роботлардан фойдаланмоқда.
Reutersʼнинг аввалги хабарларига кўра, Хитой регуляторлари Пекин учун устувор бўлган технологик йўналишлардан бири атрофидаги шов-шувни пасайтириш мақсадида, гуманоид робот ишлаб чиқарувчи заводларнинг биржага чиқиш режаларини чеклай бошлаган.
Назоратнинг кучайтирилиши, хусусан, Unitree Robotics акцияларининг кескин ўсиши ва дарҳол тушиб кетиши ортидан юз берди. Август ойида акциялар беш баравардан кўпроққа қимматлашди, аммо кейинчалик ўзининг энг юқори қийматидан 55 фоизга арзонлашди.
