Қирғизистонда Арашан зотига мансуб наслдор қўчқор 1 миллион долларга сотилди. Келишув мазкур зотни ривожлантиришга бағишланган халқаро фестивал доирасида амалга оширилди.
Тадбир ҳақидаги маълумотни Қирғизистон Сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазирлиги ҳам тасдиқлади. Унда Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистондан келган фермерлар ҳамда соҳа мутахассислари қатнашган.
Арашан зоти Қирғизистонда 2021-йилда расман рўйхатдан ўтказилган, бироқ уни яратиш бўйича селексия ишлари 1970-йиллардан бери олиб борилмоқда.
Бу зотни яратиш учун Тожикистондан келтирилган Ҳисор қўчқорлари ва маҳаллий дағал жунли қўйлар чатиштирилган.
Бир неча ўн йил давомида селексионерлар гўштдорлиги ва хўжалик учун фойдали хусусиятлари энг юқори бўлган ҳайвонларни саралади. Шу тариқа янги зот линияси босқичма-босқич шакллантирилди. Натижада Арашан қўйлари ҳам баланд тоғ яйловларига, ҳам дашт ҳудудлари шароитига мослаштирилди.
Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, бу наслдаги қўйлар кўп миқдорда гўшт ва думба ёғи бериши билан ажралиб туради. Шунингдек, улар узоқ йўл юришга чидамли ва қўрада боқишга ҳам мос.
