Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Қўрғонтепа ёдгорлигида олиб борилаётган археологик қазишмалар давомида илк ўрта асрларга оид гипсдан ишланган ҳайкалнинг бош қисми топилди. Топилма Самарқанд археология институти ходимлари томонидан аниқланган.
Қайд этилишича, археологлар Алишер Сандибоев, Амриддин Бердимуродов, Наврўз Алимов ва Санъат Хўжамов иштирокидаги тадқиқотлар вақтида ибодатхона қолдиқлари орасидан ҳайкалнинг бош қисми топилган.

Мутахассисларнинг фикрича, топилма Қўрғонтепа ибодатхонасининг диний-бадиий безаги ва ўша давр санъатини ўрганишда муҳим илмий аҳамиятга эга. Ҳайкалнинг юз тузилиши, соч турмаги ва бошқа иконографик хусусиятлари қадимги Сўғд санъатининг ўзига хос жиҳатларини тадқиқ этишда қимматли манба бўлиб хизмат қилади.

Қазишмалар давомида аниқланган хоналар қолдиқлари ва бошқа археологик топилмалар ибодатхонанинг ички тузилиши, вазифаси ҳамда бу ерда ўтказилган диний маросимлар ҳақида янги маълумотлар олиш имконини бермоқда.

Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Элмурод Нажимовнинг таъкидлашича, 2027-йилдан бошлаб археологик тадқиқотлар, аввало, ёш археологларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили 25 миллиард сўм грант ажратилади.
Маълумот учун, 2024-йилда Қўрғонтепадаги мазкур ибодатхона қолдиқлари орасидан тўрт қўлли маъбуд тасвири акс эттирилган деворий рангтасвир, шунингдек, сопол ҳайкалга оид қўл ва оёқ қисмлари ҳам топилган эди.
Янги топилма Қўрғонтепадаги ибодатхона ва қадимги Сўғд санъатини ўрганишга оид илмий тадқиқотларни бойитиши кутилмоқда.
