Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Дарвозағаза қишлоғида яшовчи фуқаро ўз ҳовлисида ер қазиш ишлари чоғида қадимий ашёларга дуч келди. Қазиш жараёнида инсон суяк қолдиқлари билан бирга бронзадан ясалган билакузуклар, турли тақинчоқлар ва майда мунчоқлар аниқланган. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Фуқаро топилма ҳақида Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институтига хабар берган. Институт мутахассислари воқеа жойига бориб, топилмаларни кўздан кечирган ва барча археологик ашёларни белгиланган тартибда расмийлаштириб, илмий ўрганиш учун қабул қилиб олган.

Самарқанд археология институти директори Мўминхон Саидовнинг дастлабки кузатувларига кўра, топилган бронза билакузукларнинг айримлари конуссимон учлари ва спиралсимон безаклари билан ажралиб туради. Уларнинг шакли ва безак хусусиятлари бронза даврининг сўнгги босқичида яшаган дашт чорвадор қабилалари маданиятига хос тақинчоқларга яқиндан ўхшайди.
Одатда бундай ёдгорликлар милоддан аввалги ХIII–X асрларга тегишли бўлиб, Андроново – Тозабоғёб маданий доираси билан боғланади. Бироқ ҳозирча топилманинг аниқ даври ва маданий мансублиги узил-кесил белгиланмаган. Бу масалага махсус археологик қазишмалар, антропологик тадқиқотлар ҳамда металл буюмларнинг лаборатория таҳлилларидан сўнг аниқлик киритилади.
