Google’нинг Япония бўлими ташқи кўринишидан кичик эскалаторни эслатувчи Gboard Rotating Version номли ноодатий клавиатура намунасини тақдим этди. Унда анъанавий клавиатурадаги каби тугмалар бир жойда турмайди. Бунинг ўрнига конвеер тасмалари доимий равишда ҳаракатланиб, тугмаларни фойдаланувчининг бармоқларига олиб келади.
Консептнинг асосий хусусияти — матнни бир қўлда териш имконияти. Ишлаб чиқувчиларнинг таъкидлашича, ҳаракатланувчи механизм туфайли фойдаланувчи клавиатуранинг турли қисмларига қўлини олиб боришга ҳожат қолмайди. Керакли тугмалар ўз-ўзидан бармоқлар томон ҳаракатланади.
Gboard Rotating Version тўртта конвеер тасмасидан ташкил топган бўлиб, уларнинг ҳар бирига 29 тадан тугма жойлаштирилган. Клавиатурада катта ва кичик ҳарфларни тўғридан-тўғри киритиш мумкин. Ишлаб чиқувчилар механизмни бошқариш ҳам тушунарли эканини таъкидламоқда.
Google келажакда ушбу консептни янада ривожлантириш имкониятларини ҳам кўриб чиқмоқда. Жумладан, клавиатуранинг турли рангдаги версиялари, тезкор матн териш режими, шунингдек, узунроқ ва қисқароқ вариантларини яратиш таклиф қилинган.
Бироқ ҳозирчаGboard Rotating Version фақат экспериментал намуна бўлиб, маҳсулот сифатида сотувга чиқарилмаган. Клавиатурани дўконлардан ҳали харид қилиб бўлмайди. Шунга қарамай, Google шунга ўхшаш қурилмани яратиш учун чизмаларни очиқ тақдим этган. Бу эса технология ишқибозларига клавиатурани мустақил йиғиб, матн теришнинг ноодатий усулини синаб кўриш имконини беради.
