Хитойда улкан радио телескоп ёрдамида олиб борилган чуқур кузатувлар давомида бошқа бир цивилизацияга тегишли бўлиши мумкин бўлган сирли сигнал аниқланди. Бу ҳақда “TRT Haber” маълум қилди.
Маълум қилинишича, олимлар инсоният коинотда ёлғиз эмаслигини аниқлаш мақсадида Ердан ташқарида ҳаёт излашда давом этмоқда. Хусусан, Хитойнинг улкан FAST радио телескопи ёрдамида ўтказилган сўнгги тадқиқотда ҳаёт мавжуд бўлиши эҳтимоли бўлган 33 та турли сайёра тизими батафсил кузатилган.
Тадқиқот давомида табиий космик жараёнлар натижасида юзага келиши қийин бўлган, жуда тор диапазондаги ва сунъий келиб чиқишга эга бўлиши мумкин бўлган радио сигналлар қидирилган.
Кузатувларнинг аксарияти аниқ натижа бермаган бўлса-да, Ердан 238 ёруғлик йили узоқликда жойлашган К2-155 номли қизил, митти юлдуз томондан келган сигнал тадқиқотчилар эътиборини тортган.
Олимлар томонидан ишлаб чиқилган янги автомат ўрганиш алгоритмлари ва радио шовқинларни филтрлаш усуллари ёрдамида Ердаги технологик қурилмалардан келаётган кўплаб сунъий сигналлар ажратиб ташланган. Шунга қарамай, фильтрдан ўтган айрим сигналлар ўзининг баъзи сифатлари билан олимларда қизиқиш уйғотишда давом этмоқда.
