Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятида йирик портлаш содир бўлгани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан ўрганишлар олиб борилди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Экология бош бошқармаси хабар берди.
Маълум бўлишича, портлаш Нуробод тумани “Тепақул” МФЙ ҳудудида эмас, балки Самарқанд шаҳридаги Гўрўғли кўчаси, 12-уй манзилида жойлашган SAM NURAFSHON GROUP МЧЖ томонидан аҳоли яшаш ҳудудларига яқин бўлган тоғли ҳудудда амалга оширилган.
Мазкур портлатиш ишлари маҳаллий аҳолининг жиддий эътирозларига сабаб бўлган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Бизнес-омбудсманнинг тегишли жавоб хатига мувофиқ, вазиятни белгиланган тартибда текшириш учун зарур ҳужжатлар тақдим этилган.
Давлат инспекторлари томонидан амалдаги қонунчилик талабларидан келиб чиқиб, зарур ҳужжатлар ўрганилмоқда. Ўрганиш ишлари якунлангач, ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилиб, натижалари бўйича жамоатчиликка қўшимча маълумот тақдим этилиши маълум қилинди.
