Ирландиянинг Клерморрис шаҳарчасида яшовчи 34 ёшли Имонн Кивни Истанбулдан Ирландиягача ялангоёқ юриб бориб, Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди.
Кивни 6805,8 км масофани 369 кунда (бир йилдан сал кўпроқ вақт ичида) босиб ўтди. У саёҳатини Туркиядан бошлаб, Болгария, Руминия, Венгрия, Австрия, Германия, Франция, Англия ва Уэлс орқали ўтиб, ўз она юрти Ирландияга қайтиб келди.
Ирландиялик спортчи илк бор 2016 йилда ялангоёқ 2080,14 км масофани босиб ўтиб, рекорд ўрнатган эди. Аммо кейинроқ унинг бу ютуғини полшалик Павел Дуракевич (3409,75 км) ортда қолдирди, шунинг учун Кивни навбатдаги рекордга тайёргарлик кўра бошлади. У бир йиллик саёҳатини амалга ошириш учун ноқулайлик ва қадоқларга кўникиш мақсадида Клермаррис бўйлаб мунтазам равишда ялангоёқ юрарди.

“Албатта, оёқларим роса оғриди. Товонимнинг териси анча қалин бўлса-да, кунлаб асфалтда юришдан кейин улар қоп-қора қон бўлиб шилиниб кетарди. Оёқларимга тиканлар ва шиша синиқлари санчилар, саёҳат охирига яқин эса тиканли бута туфайли бир оёғим яллиғланиб, нақ бир ҳафта юролмай қолдим”, дея эслайди у.
Ёзда ҳаво жуда иссиқ бўлгани учун 1-2 кунга танаффус қилишга, қишда эса совуқ сабабли юришни тўхтатиб туришга тўғри келарди.
Саёҳатчининг айтишича, одамлар унга кўпинча ҳайратланиб қараган, лекин умуман олганда, дўстона муносабатда бўлишган. Баъзида нотаниш кишилар уни ўз уйига таклиф қилиб, ёрдамга муҳтож бўлганида қўллаб-қувватлашган.

“Биринчи шаҳарга етиб, ҳали бирор уйга улгурмасимдан, бир турк киши мени қаҳва ва нонуштага таклиф қилди, келини ва набиралари билан таништирди. Кетишимдан олдин эса набираси шифохона қаерда эканини кўрсатиб, шаҳар харитасини чизиб берди”, деди у.
Пиёда саёҳат қилишдан ташқари, 2024 йилда Кивни яна бир ғайриоддий рекорд ўрнатди — у бир ғилдиракли велосипедда бутун Ирландияни 5 кунда кезиб чиқди. Ўшанда у буни ўзи учун “мураккаблик ва бемаъниликнинг мукаммал уйғунлиги” деб билганини тушунтирди.
