НАСАнинг Perseverance марсоходи Марс юзасида 45,22 километр масофани босиб ўтиб, янги рекорд ўрнатди. Шу тариқа у Ер сайёрасидан ташқарида энг узоқ масофани босиб ўтган транспорт воситасига айланди. Бу ҳақда НАСА хабар берди.
Рекорд 11 октябрь куни, марсоход миссиясининг 2006-Марс кунида қайд этилди. Бунгача рекорд 45,16 километр масофани босиб ўтган Opportunity марсоходига тегишли эди. Perseverance бу натижага тахминан беш ярим йилда эришди, Opportunity эса шунча масофани босиб ўтиш учун қарийб 15 йил сарфлаган.
Perseverance йўлнинг 90 фоиздан ортиғини AutoNav автоном навигация тизими ёрдамида мустақил босиб ўтган. Ушбу тизим марсоход юраётган вақтда атрофни суратга олади, тўсиқларнинг уч ўлчамли харитасини тузади ва Ердаги мутахассислар белгилаган манзиллар орасидан хавфсиз йўлни танлайди.
Бу технология марсоходга бир Марс суткасида 412 метргача масофани босиб ўтиш имконини беради.
Ҳозир Perseverance Жезеро кратерининг ғарбий чеккаси яқинидаги Идуби ҳудуди томон ҳаракатланмоқда. Олимлар бу ерда қадимда мавжуд бўлган гидротермал тизимлар, яъни ер остида иссиқ сув таъсирида шаклланган геологик тузилмалар изларини топишга умид қилмоқда.
НАСА Perseverance миссиясини тахминан 2028 йил охиригача узайтирган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, марсоходнинг ҳаракатланиш тизимлари яхши ҳолатда ва у келгуси йилларда ҳам Марс юзасини ўрганиб, ўз рекордини янгилашда давом этиши мумкин.
