Кореянинг роботлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи ROBOTIS компанияси Ўзбекистонга қарийб 100 миллион доллар сармоя киритиб, роботлар ишлаб чиқарадиган завод қурмоқда. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчиси Вон До Ён “Ўзбекистон 24” телеканалининг “Таҳлилнома” дастурига берган интервьюсида маълум қилди.
“Ишончим комилки, келажакда сунъий интеллект, фармацевтика, биотехнология ва бошқа шу каби истиқболли, юқори технологияли соҳаларда бундан-да кўпроқ қўшма лойиҳалар амалга оширилади”, деди у Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлигидаги лойиҳалар ҳақида гапирганида.
1999 йилда асос солинган Жанубий Кореянинг ROBOTIS компанияси автоном робототехника соҳасида жаҳон етакчиларидан бири саналади. Компания технологияларидан Amazon, Microsoft, Apple, НАСА, Google, Samsung ва BMW каби дунёга машҳур гигантлар кенг фойдаланиб келмоқда.

Тошкент шаҳридаги “Янги авлод” махсус саноат зонасида ушбу компания томонидан гуманоид роботлар ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган завод қурилишига 2026 йилнинг июнь ойида старт берилганди. Лойиҳа доирасида мингдан ортиқ малакали иш ўрни яратилиши, шунингдек, илғор хорижий технологиялар ва тажрибалар трансфери йўлга қўйилиши кутилаётгани маълум қилинганди.
Элчининг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда элчихона янада тиғиз режимда ишламоқда, чунки Ўзбекистонга тобора кўпроқ Корея компаниялари ташриф буюрмоқда. Жиззахдаги Kia автомобил заводи ўзининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтираётганини, Янги Тошкент халқаро аэропортини қуриш лойиҳасида Incheon International Airport асосий ҳамкор сифатида иштирок этаётганини, Кореяда ишлаб чиқарилган Жалолиддин Мангуберди тез юрар поездлари ҳаракати йўлга қўйилганини қайд этиб ўтди. Элчи анъанавий соҳаларга сармоялар оқими ўсишда давом этишини таъкидлади.
Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида Корея билан алоҳида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатган ягона мамлакат бўлиб, Вон До Ён Корея учун Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг аҳамияти ҳақида тўхталди.
“Корея Республикаси ўнлаб давлатлар билан эмас, балки бор-йўғи тўртта мамлакат, жумладан Ўзбекистон Республикаси билан алоҳида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатган. Бу Кореянинг Ўзбекистон билан алоқаларга нақадар катта аҳамият қаратишидан далолат беради. Корея-Ўзбекистон муносабатларининг ўзига хослиги, аввало, мамлакатларимиз бир-бирига ишончи ва самимий муносабатидир”, деди элчи.
Унинг қайд этишича, ҳозирги кунда 100 мингга яқин Ўзбекистон Республикаси фуқароси Кореяда иш ёки ўқиш мақсади билан бўлиб турибди. Сўнгги пайтларда Ўзбекистонга ташриф буюраётган корейслар сони ҳам сезиларли даражада ортди. Муносабатларнинг ўзига хос табиати икки мамлакат иқтисодиётининг хусусиятлари билан ҳам боғлиқ. Корея юксак технологик тараққиёт даражасига эга бўлса, Ўзбекистон нафақат бой табиий ресурсларга, балки кўп сонли ёш, малакали кадрларга ҳам эга. Мамлакатлар ўзаро манфаатдорлик асосида биргаликда ривожланиш учун улкан салоҳиятга эга.
