Жорий йилнинг 2 сентябрь куни Тошкент вилоятидаги Чорвоқ сув омборида ота ва унинг 2 ўғли чўкиб кетди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Бўстонлиқ тумани “Бурчмулла” МФЙ ҳудудидаги “Чорвоқ сув омбори” сув ҳавзасида 3 нафар фуқаро (ота ва 2 нафар ўғил) катерда сайрга чиққан ва сувга тушиш тақиқланган ҳудудга борган ва химоя нимчасисиз сувга тушиб, чўкиб кетган.
Хабар келиб тушган заҳотиёқ ФВВ ғаввос қутқарувчилари ҳодиса жойига етиб бориб, 2-2,5 км радиус кенгликда сувда қидирув ишларини олиб бормоқда. Қидирув ишларига барча зарур куч-воситалар жалб этилган.
Билдирилишича, кўламнинг кенглиги ва сув омборининг чуқурлиги қидирув ишларини мураккаблаштирмоқда. Вазият ФВВ томонидан тўлиқ назоратга олинган.
