Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан ва 10 дан ортиқ мамлакат вакиллари Озарбайжон пойтахти Бакуда ўтказилган саммитда Исроил Президенти Ицхак Герцог нутқ сўзлай бошлаганида зални тарк этди. Бу ҳақда “T24” хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа кеча, 15 октябрь куни Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (CICA)нинг 7-саммитида юз берган. Герцог туш пайтида нутқини бошлаганида, Туркия делегацияси, жумладан, Ҳоқон Фидан ҳамда 10 дан ортиқ мамлакат вакиллари ўринларидан туриб, зални тарк этган.
Фиданнинг ўзи саммитда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған номидан ҳам нутқ сўзлаган. У Озарбайжоннинг ташкилотга раислик муддати узайтирилишини қўллаб-қувватлашини билдирган ва Лаоснинг CICA’га 29-а’зо сифатида қўшилганини олқишлаган. Шунингдек, ташкилотнинг янги бош котиби Султон Ҳожиевни тайинлов билан табриклаган.
Фидан, шунингдек, Туркия ноябрь ойида Анталияда бўлиб ўтадиган COP31 иқлим саммитига мезбонлик қилиши ва унга раислик қилишини эслатган. Унинг айтишича, ушбу тадбир иқлим адолати ва барқарор ривожланишни таъминлаш учун муҳим имконият бўлади. Нутқи давомида вазир Исроилнинг Фаластин халқига нисбатан сиёсатини ҳам танқид қилган.
“CICA аъзоси бўлган Исроил тизимли босим сиёсатини юритиб, Фаластин халқининг асосий ҳуқуқларини бузаётган бир пайтда бу мажбуриятга содиқ қола олмаймиз”, деган Фидан.
У ташкилот аъзоларини Фаластин халқининг ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашга ва давом этаётган зулм ҳамда жиддий қонунбузарликларга қарши қатъий позицияда туришга чақирган.
Вазирнинг билдиришича, муаммонинг доимий ечими 1967 йилги чегаралар асосида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил ва суверен Фаластин давлатини ташкил этишдан иборат.
