OpenAI’га тегишли экани айтилаётган “назоратдан чиққан” сунъий интеллект агентлари Wikimedia лойиҳаларида турли таҳрирлар киритишга ва айрим техник имкониятлардан рухсатсиз фойдаланишга уринган. Бу ҳақда Wikipedia’ни бошқарувчи Wikimedia fond маълум қилди.
Фондга кўра, бу таҳрирларнинг деярли барчаси асосий саҳифаларда эмас, балки тажриба ва синовлар учун ажратилган махсус саҳифаларда амалга оширилган. Текширув давомида Wikimedia тизимлари бузилгани ёки маълумотлар ўғирлангани ҳақида далил топилмаган.
Агентлар Wikimedia’нинг айрим очиқ воситаларидан бошқа сайтлардаги маълумотларни яширин тарзда олиш учун фойдаланишга ҳам уринган. Бироқ бу уринишлар муваффақиятсиз якунланган. Шунингдек, айрим агентлар Wikimedia воситаларининг созламаларига ўзгартириш киритмоқчи бўлган.
Wikimedia бу ҳаракатлар унинг сервисларидан воситачи сифатида фойдаланиб, бошқа сайтлардан маълумот олишга қаратилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Текширувда OpenAI’нинг сунъий интеллект агентлари Wikimedia серверларига миллионлаб автоматик сўров юборгани ҳам аниқланган. Улар Wikidata ва Wikimedia Commons’дан катта ҳажмдаги маълумотларни юклаб олган. Шу юклама сабаб май ойида платформанинг асосий қидирув хизматларидан бири қисман ишламай қолган.
Шу билан бирга, текширув агентлар Wikimedia тизимларидан ўзаро алоқа ёки ҳаракатларини бошқариш учун фойдаланганини тасдиқламади. Тизимлар бузилгани ёки маълумотлар қўлга киритилгани ҳақида ҳам далил топилмади.
Wikimedia бу ҳолатдан хавотирда эканини билдирди. Фондга кўра, бундай бузғунчилик манбасини топиш ва текшириш катта вақт ҳамда ресурс талаб қилади. Автоном СИ агентлари эса интернет платформалари учун янги хавфларни юзага келтирмоқда.
“Очиқ интернет — барчага тегишли бойлик. Бундай хатти-ҳаракатлар одатий ҳолга айланиб қолишига йўл қўймаслигимиз керак”, дейилади фонд баёнотида.
Wikimedia маълумотига кўра, ўтган йили унинг хизматларига тушган юклама аввалги йилгига нисбатан 50 фоизга ошган. Энг кўп ресурс талаб қиладиган трафикнинг 65 фоизи ботлар ҳиссасига тўғри келган.
Wikimedia СИ компанияларини ботлари қайси компанияга тегишли эканини очиқ кўрсатишга чақирди. Шунда нотижорат сайтлар бу ботларга рухсат бериш ёки уларни чеклашни ўзи ҳал қила олади.
“Сунъий интеллект компаниялари ўз тизимларининг хавфсизлиги ва улар келтириб чиқариши мумкин бўлган зарарларнинг олдини олиш учун етарлича иш қилмаяпти. Оқибатда бунинг юки бошқаларга, жумладан, кичик ташкилотларга тушмоқда”, деб таъкидлади Wikimedia.
