АҚШнинг Калифорния штатидаги Ванденберг ҳарбий-ҳаво кучлари базасидан Қирғизистоннинг биринчи миллий сунъий йўлдоши орбитага учирилди. Кеча, 1 октябрь куни бўлиб ўтган маросимда АҚШда амалий ташриф билан бўлиб турган Қирғизистон Президенти Садир Жапаров иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, сунъий йўлдош кирган космик аппаратлар гуруҳини учириш учун SpaceX компаниясининг Falcon 9 ташувчи ракетасидан фойдаланилган. Қирғизистон Президенти Администрациясининг маълум қилишича, мамлакат космик аппарати Бишкекдаги марказдан бошқарилади.

Аппарат қишлоқ хўжалиги экин майдонлари, музликлар, сув объектлари, ўрмонлар ва яйловларни мониторинг қилиш учун янги имкониятлар очади, шунингдек, экотизимлардаги ўзгаришларни кузатиш ва табиий офатлар хавфини баҳолаш имконини беради. Олинган маълумотлар ер қаъридан ноқонуний фойдаланиш, ноқонуний чиқиндихоналарни аниқлаш, ифлосланиш манбаларини кузатиш ва логистика йўналишларини мақбуллаштириш учун ишлатилади.

Келгусида сунъий йўлдош маълумотларини фазовий хариталар ва таҳлилий моделлар яратиш учун давлат рақамли тизимларига интеграция қилиш режалаштирилмоқда.
“Бу давлат қарорларини қабул қилиш, инвестициявий режалаштириш ва давлат дастурлари амалга оширилишини назорат қилишда холис маълумотларни қўллаш имконини беради”, дейилади хабарда.
