Япониянинг Honda компанияси электромобилларни ҳаракатланаётган вақтида симсиз қувватлаш имконини берувчи тизим устида ишламоқда. Янги тизим синовлари 2027 йил апрелидан кейин бошланиши режалаштирилмоқда, дейилади компания баёнотида.
Дйнамиc Wирелесс Поwер Трансфер (ДWПТ) деб номланган янги технология йўл қопламаси остига ўрнатилган махсус қурилмалар орқали электромобилларга электр энергиясини узатиш имконини беради. Бу қувватлаш стансияларида тўхташ заруратини камайтиради.
Honda ушбу лойиҳа устида 2021 йилдан буён Таисеи Corporation ва Таисеи Ротеc қурилиш компаниялари билан ҳамкорликда ишламоқда. Дастлаб технологияни логистика ва юк ташиш соҳасидаги электр транспорт воситаларида синовдан ўтказишга эътибор қаратилади.
Йўл қопламаси остига электр энергиясини магнит майдони орқали узатувчи махсус қурилмалар ўрнатилади. Электромобилнинг пастки қисмига жойлаштирилган қабул қилгич ушбу энергияни қабул қилиб, аккумуляторга йўналтиради. Бу жараён смартфонларни симсиз қувватлашга ўхшайди, фақат қурилмалар йўлнинг ўзига ўрнатилади.
Янги технология қандай синовдан ўтказилади?
Синов учун махсус йўл ҳамкор компаниялар томонидан 2026 йил охиригача қуриб битказилиши режалаштирилмоқда. Муҳандислар тизимнинг хавфсизлиги, жумладан, электромагнит нурланиш даражаси ва қурилмаларнинг чидамлилигини текширади. Бунинг учун синов йўлидан автомобиллар қайта-қайта ўтказилади. Шу тариқа, қурилмаларнинг бир миллионта ғилдирак босимига бардош бера олиши синовдан ўтказилади.
Мутахассислар тизимнинг 150 кВтгача қувват узатиш ҳамда юқори тезликда ҳаракатланаётган автомобилларни қувватлаш имкониятини ҳам баҳолайди.
Honda ҳаракат давомида симсиз қувватлаш технологиясини ишлаб чиқаётган ягона компания эмас. Шунга ўхшаш тизимлар Франция, Италия ва Буюк Британияда ҳам синовдан ўтказилмоқда.
