Европа етакчилари Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича Кремль билан мустақил музокара олиб боришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Financial Times’нинг халқаро шарҳловчиси Гидеон Раҳмон хабар берди.
Ҳозирда АҚШ ва Украина президентлари ўртасидаги муносабатлар кескинлашган. Шу сабабли Европа етакчилари яқин орада Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилиши мумкин.
Эҳтимолий музокаралар давомида Путинга урушни якунлашнинг иккита варианти таклиф қилиниши кутилмоқда. Биринчи ссенарийга кўра, ҳозирги фронт чизиғида “можаро музлатилади”, бунинг эвазига Россияга Украина ҳеч қачон НАТОга аъзо бўлмаслигига кафолат берилади.
“Иккинчи ссенарийга асосан Украина Донбасснинг қолган қисмини Россияга беради, бироқ шундан сўнг НАТОга аъзо бўлади”, дейди шарҳловчи манбаларни келтирмасдан.
Аввалроқ АҚШ давлат котиби Марко Рубио Украинадаги уруш “стратегик боши берк кўча”га кириб қолганини айтганди. У буни Россия Донбасс устидан тўлиқ назоратни талаб қилаётгани, Киев эса бунга қаршилиги билан изоҳлаган.
“Стратегик боши берк кўчадан фақат иккита йўлдан бири билан чиқиш мумкин: ё музокаралар столида келишувга эришиш, ёки дастлабки можаро доирасидан чиқиб кетадиган, бир ёки ҳар икки томоннинг кескинлашувига (эскалацияга) олиб келадиган йўл орқали. Ҳозирча музокаралар орқали ҳал этиш истиқболлари кўринмаяпти. Биз бу жараёнда ҳар қандай рол ўйнашга тайёрмиз”, деган эди у октябрь ойида Грециянинг “Катимерини” нашрига берган интервюсида.
19 октябрь куни Марко Рубио Самарқанддан туриб “урушда ҳеч ким ғалаба қозонмаслиги”ни айтди. У АҚШ президенти Дональд Трамп можарони тугатишга ёрдам берадиган ҳар қандай ҳаракатга тайёрлигини билдирди.
“Украина урушида ҳеч ким ғалаба қозонмайди. Ҳар куни одамлар ҳалок бўлмоқда. Ҳар куни портлашлар ва вайронагарчиликлар қайд этилмоқда”, деди давлат котиби.
Мазкур баёнот фонида Россия АҚШ ва Хитой етакчилари иштирокида уч томонлама саммит ўтказишни таклиф қилгани маълум бўлди. Пекинда ўтказилиши режалаштирилаётган саммитда Украина президенти қатнашмайди. Томонлар Украинадаги уруш масаласини кўриб чиқилади, аммо Трамп ядровий қуролни муҳокама қилмоқчи эканини айтган.
