Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти ва хорижлик олимлар мамлакатимиз фаунасида илгари қайд этилмаган кўршапалак турини аниқлади. Бу ҳақда Фанлар академияси хабар берди.
Маълум қилинишича, Туркман узунқулоқ кўршапалаги (Plecotus turkmenicus) Қорақалпоғистон Республикасидаги «Жанубий Устюрт» миллий табиат боғи ҳудудида ўтказилган илмий экспедиция давомида топилган.
Мазкур кўршапалак Марказий Осиёда тарқалган ўта ноёб ва кам ўрганилган турлардан бири ҳисобланади.
Олимларнинг таъкидлашича, ушбу тур ҳақидаги маълумотлар асосан 1970 йилгача бўлган илмий қайдлар ва музей намуналарига таянган. Сўнгги 55 йил давомида эса унинг табиатда учраши деярли қайд этилмаган.
Янги топилма Ўзбекистон ҳайвонот дунёси хилма-хиллигини ўрганиш ва ноёб турларни муҳофаза қилиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.
Тадқиқот Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (IUCN) томонидан амалга оширилаётган, Германия Атроф-муҳит вазирлигининг Халқаро иқлим ташаббуси (IKI) молиялаштирадиган «One Health in Nature Conservation» («Табиатни муҳофаза қилишда ягона саломатлик») лойиҳаси доирасида ташкил этилган экспедиция чоғида ўтказилган.
