Сурхондарё вилоятида 2 гектар ер майдонини аукционга чиқариб, арзон нархда олиб бериш эвазига 2 минг доллар талаб қилган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди.
Узун тумани Экология бўлими бош мутахассиси М.Б. фуқаро Р.Й. га “Уланқул” маҳалласи ҳудудидаги давлат захирасида бўлган 2 гектар ерни кадастрда ишловчи таниши орқали аукционга чиқариб, арзон нархда олиб беришни ваъда қилган.
Бунинг эвазига у 2 минг доллар талаб қилиб, 12 млн сўмни олаётган вақтда ушланди.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, туман Давлат кадастрлар палатасининг ерларни аукционга чиқариш шўбаси етакчи мутахассиси К.Н. 12 млн сўмни М.Б.дан олаётган вақтда қўлга олинди.
Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
