Хитой 15 сентябрдан бошлаб фуқаролар учун мамлакатдан чиқиш, хорижликлар учун эса кириш қоидаларини кучайтирди. У мамлакат суверенитети ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бир қанча чекловларни назарда тутади.
Эндиликда Хитой ҳукумати айрим мамлакат ва ҳудудларга сафар қилиш билан боғлиқ хавф-хатарлар ҳақида огоҳлантиришлар эълон қилиб боради. Хитой фуқаролари ҳам, уларнинг хорижга чиқиш ҳужжатларини кўриб чиқувчи давлат идоралари ҳам ушбу огоҳлантиришларга амал қилиши шарт. Чет элдаги вазият у ерда юз бераётган воқеалар, жумладан, эҳтимолий қуролли низолар, табиий ва техноген офатлар, юқумли касалликлар авж олишидан келиб чиқиб баҳоланади.
Чиқиш ва киришни тақиқлаш
Зарур ҳолларда миграция идоралари Хитой ва бошқа давлатлар фуқароларидан саёҳат мақсадлари тўғрисида қўшимча ҳужжатларни сўраши мумкин. Сохта ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда, шахснинг мамлакатдан чиқиши рад этилади.
Тегишли чора товарлар ва технологияларга нисбатан экспорт назорати қоидаларини бузган ёки “миллий технологик хавфсизликка” таҳдид солган фуқароларга нисбатан ҳам қўлланилади. Хорижда ҳуқуқбузарлик содир этган Хитой фуқароларига эса олти ойдан уч йилгача мамлакатни тарк этиш тақиқланиши кўзда тутилган.
Хорижликлар учун чекловлар: виза расмийлаштиришда ёки Хитой чегарасини кесиб ўтишда нотўғри маълумотлар ёхуд сохта ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда, чет эл фуқароларига бир йилдан 5 йилгача мамлакатга кириш тақиқи қўйилади. Иммиграция, виза органлари ёки Хитой қонунчилигига мувофиқ чеклов қўлланган чет эл фуқароларининг мамлакатга кириши ҳам чекланади.
Янги қоидалар кириш ва чиқиш ҳужжатларини расмийлаштиришда ноқонуний воситачилик хизматларини кўрсатиш, сохта таклифномалар тайёрлаш ҳамда лицензиясиз бундай фаолиятни ташкил этганлик учун 5 мингдан 50 минг юангача (740–7500 доллар) жаримани кўзда тутади. Шу билан бирга, хорижий компаниялар томонидан бундай хизматлар кўрсатилиши қатъиян ман этилади.
