Украина дронлари 18 октябрь куни Россиянинг Санкт Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятига зарба берди. Бу уруш бошланганидан бери ҳудудларга қилинган энг йирик ҳужум бўлиши мумкин. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.
Санкт Петербургда портдаги нефть терминали, “Ручя” нефть базаси, “Ozon” омбори, VK дата-маркази, “Восточная” электр подстансияси, кўприк, шунингдек, Василевский оролидаги наркология шифохонаси шикастланган. Бундан ташқари, шаҳар ва вилоятда ўнлаб автомобиллар ҳамда турар жой бинолари зарар кўрган.
Ҳужум оқибатида шаҳарда бир киши ҳалок бўлган, иккала ҳужумда жами 15 киши жароҳатланган. Санкт Петербургнинг бир нечта тумани ҳужум вақти электр таъминотидан узилган. Шунингдек, Пулково аэропорти саккиз соатга фаолиятини тўхтатган. Ҳозирда аэропорт яна рейсларни қабул қилиб, жўнатмоқда.
Ленинград вилоятидаги Гатчина ва Всеволжск шаҳарларида дрон қолдиқлари тушиши оқибатида кўп қаватли турар жой бинолари, Кировск туманида эса хусусий уй шикастланган. Ломоносов туманидаги Низино қишлоғида тўхтаб турган тўртта автомобилда ёнғин чиққан. Новоселе шаҳрида эса 55 та автомобил зарар кўрган.
Вилоятдаги электр таъминотида ҳам фавқулодда узилишлар кузатилган, камида 20 минг киши электрсиз қолган. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, бир кеча давомида мамлакат ҳудудида 1 015 та дрон йўқ қилинган.
