Сирдарё вилояти Гулистон туманида тунги вақтда банкоматни бузиб, пулларни ўғирламоқчи бўлган шахс Қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан ушланди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси хабар қилди.
Воқеа 12 сентябрь куни соат 03:16 ларда Гулистон тумани “Олтин водий” МФЙ Комилий кўчасида содир бўлди. Инкассация хизмати МЧЖга қарашли банкоматдан Сирдарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати мониторинг марказига ташвиш сигнали келиб тушган.
Текширув давомида банкомат олдида юзини яширган, қўлида болта ҳамда бошқа ашёлар билан банкоматнинг ташқи қисмини бузишга уринаётган шахс аниқланган. Қўриқлаш хизмати ходимларини кўриб, воқеа жойидан қочишга уринган гумонланувчи тезкор гуруҳнинг саъй-ҳаракатлари билан қўлга олинган.
Суриштирув жараёнида мазкур ҳуқуқбузарликни содир этган шахс Гулистон туманида яшовчи, 2008 йилда туғилган Д.С. экани маълум бўлган. У белгиланган тартибда туман Ички ишлар бўлимига олиб борилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
