2026 йил 12 октябр ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 3,4 млн тонна пахта хомашёси йиғиб олинди. Бу жорий йил учун белгиланган 4,5 млн тоннали шартномавий кўрсаткичнинг 76 фоизини ташкил этади. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, йиғиб олинган пахтанинг 848 минг тоннаси қўлда, 2,6 млн тоннаси эса пахта териш машиналари ёрдамида терилган. Шу тариқа, жами ҳосилнинг қарийб 75 фоизи механизациялашган усулда йиғиб олинган.
Қўлда терилган пахтанинг 174 минг тоннаси далалар четларини механизациялашган теримга тайёрлаш жараёнида йиғилган. Яна 674 минг тонна пахта терим машиналари кира олмайдиган кичик майдонлардан териб олинган.
Жорий мавсумда пахта теримига қарийб 3 мингта юқори унумли машина жалб этилган. Шунингдек, фермер хўжаликлари ва агрокластерларга лизинг асосида 1 мингдан ортиқ замонавий пахта териш машинаси етказиб берилган.
12 октябр куни машиналар ёрдамида 147 минг тонна пахта хомашёси териб олинди. Бир кунда битта машинага ўртача 50 тонна ҳосил тўғри келган.
«Пахта терими давом этмоқда. Мавсумдаги асосий вазифа ҳосилни ўз вақтида ва сифатли йиғиб олиш ҳамда фермерлар ва агрокластерларнинг шартномавий мажбуриятларини бажаришдан иборат», — дейилади хабарда.
