Туркия Ойга уюштириладиган илк фазовий миссияси учун мўлжалланган коинот кемасини ишлаб чиқариш, йиғиш ва интеграциялаш ишларини якунлади. Бу ҳақда 14 сентябрь куни мамлакат саноат ва технологиялар вазири Меҳмет Фотиҳ Кажир маълум қилди.
Вазир матбуот анжуманида айтишича, аппарат тизимли синовлардан ўтиш учун Туркия аэрокосмик саноати космик синов марказига юборилди. Туркия ўз муҳандислик имкониятлари билан Ойда миссия ўтказадиган дунё бўйича тўққизинчи, мусулмон давлатлари ичида биринчи мамлакатга айланишни мақсад қилган.
Оғирлиги тахминан 3,5 тонна бўлган коинот кемасини 2027 йилнинг илк ойларида учириш режалаштирилмоқда. У икки ойлик парвоздан сўнг Ой сиртидан 100 километр баландликдаги орбитага етиб боради. Аппарат дастлаб камида уч ой давомида ишлайди. Унинг хизмат муддати кўрсаткичларга қараб 18 ойгача узайтирилиши мумкин.
Миссия давомида кемада Қуёш шамолларининг Ой сиртига таъсири ва сув ҳосил бўлиш механизмлари ўрганилади. Шунингдек, Ойнинг магнит майдони ва иссиқлик хусусиятлари таҳлил қилинади. Маҳаллий ускуналар ёрдамида радиация ўлчовлари ҳам ўтказилади.
Коинот кемасининг 80 фоиздан ортиқ қисми миллий ресурслар ва маҳаллий технологиялар асосида яратилди. Бунда Туркиянинг Imece ҳамда Тürksat 6А сунъий йўлдош лойиҳаларида тўпланган тажрибасидан фойдаланилди.
Аппарат энди коинотдаги қийин шароитларга чидамлилик бўйича вакуум, иссиқлик ва структуравий синовлардан ўтказилади. Текширувлар якунлангач, коинот кемаси Анқарадаги янги мажмуага кўчирилади. Якуний назоратдан сўнг у учириш учун АҚШдаги Кеннеди коинот марказига юборилади.
