Новосибирскда оғир молиявий аҳволга тушиб қолган ва Ўзбекистонга қайтишга муҳтож бўлган олти нафар фуқарога ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Ўзбекистон Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги ваколатхонаси Новосибирскдаги корхоналарда ишлаётган ўзбекистонликлар билан сайёр учрашувлар ўтказди.
Дипломатлар нон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Сибпекар”, мева-сабзавот маҳсулотларини қадоқлаш ва сотиш билан шуғулланувчи “Хилокс товар базаси” ҳамда металл қуйишга ихтисослашган “Сибэлектротерм” корхоналарида меҳнат қилаётган фуқаролар билан учрашди.
Уларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам масалалари бўйича маслаҳатлар берилди. Шунингдек, иш ҳақи асоссиз кечиктирилган тақдирда Миграция агентлигининг Новосибирскдаги ваколатхонасига мурожаат қилиш кераклиги тушунтирилди.

Учрашувлар давомида оғир молиявий аҳволга тушиб қолган ва Ўзбекистонга қайтишга муҳтож бўлган олти нафар фуқарога, жумладан, вояга етмаган болаларга ёрдам кўрсатилди.
Уларга зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Ўзбекистонга қайтиш учун чипталар берилди.
Бош консулхона фуқароларга ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда Новосибирск вилоятида уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ёрдам кўрсатишни давом эттиришини билдирди.
