Нью Йоркда 11 сентябрь терактлари қурбонлари хотирасига дронлар ёрдамида эгизак миноралар кўриниши қайта тикланди. Бу ҳақда The Telegraph хабар берди.
Ёруғлик тарқатувчи дронлар эгизак минораларнинг силуэтларини тўлиқ ҳажмда қайта тиклаган. Фойдаланилган 2977 та дрон терактда ҳалок бўлганлар сонини рамзий маънода ифодалаган. “Гудзон узра 2977 та чироқ” деб номланган лойиҳа SKy Elements томонидан Нью Йорк санъат фонди кўмагида ташкил этилган.
Визуал концепцияни яратишда 11 сентябрь фожиасидан омон қолган қутқарувчилар, ўт ўчирувчилар, полициячилар, шунингдек, ҳалок бўлганларнинг яқинлари иштирок этган. Шоу эгизак бинолар ўрнида ҳар йили ўтказиладиган инсталляция ёнида намойиш этилган.
2001 йилда “Ал Қоида”га алоқадор 19 нафар террорчи тўртта йўловчи самолётини олиб қочиб, улардан иккитасини Жаҳон савдо марказининг эгизак минораларига, яна бирини Пентагон биносига урган. Тўртинчи самолёт эса йўловчиларнинг террорчиларга қарши чиқиши ортидан Пенсилваниядаги далага қулаган. Нью Йорк тарихидаги илк мусулмон мер Зоҳран Мамдани 11 сентябрь куни теракт қурбонлари хотирасига бағишланган тадбирда иштирок этиши кутилмоқда.
Яқинда шаҳар маъмурияти 11 сентябрь терактларидан кейин ҳаво сифати қандай бўлганига оид ҳужжатларни эълон қилди. Уларда ҳавода хавфли моддалар бўлгани кўрсатилган, бироқ ўша пайтда аҳолига ҳаво сифати хавфсиз экани таъкидланган.
Ҳужжатларга кўра, ҳавода бир неча ой давомида асбест ва саратонни келтириб чиқариши мумкин бўлган бензол миқдори юқори бўлган. Аммо шаҳар мери Рудолф Жулиани ва унинг ўрнини эгаллаган Майкл Блумберг ҳаво сифати аҳоли учун хавфсиз эканини таъкидлаб келган.
