Англияда тахминан 350 киши яшайдиган Пиддингтон қишлоғи аҳолиси рамзий “мустақиллик референдуми”да ажралиб чиқишни қўллаб-қувватлади. Бунга қишлоқ яқинида 1200 нафардан ортиқ мигрантни жойлаштириш режаси сабаб бўлди.
Оксфорд шаҳридан 25 километер узоқликда жойлашган Пиддингтон қишлоғи ўзининг бу овоз бериш жараёни билан кўпчиликнинг эътиборга тушди. Қишлоқ кенгашининг 16 сентябрь куни маълум қилишича, саналган 312 та бюлеттеннинг 285 тасида аҳоли ажралиб чиқиш учун овоз берган. Собиқ ҳарбий объектда бошпана сўровчиларни жойлаштиришга қарши ўтказилган бу овоз бериш юридик кучга эга эмас.
Аҳолига “Мен Пиддингтоннинг Буюк Британиядан ажралиб чиқиши ва ўз тақдирини ўзи белгилашини қўллаб-қувватлайман” дейилган бюлеттенлар тарқатилди. Оксфордшир графлиги кенгаши раҳбари Тим Бирдер BBC каналига берган интервьюсида бу натижа аҳолининг хавотирларини аниқ кўрсатиб берганини айтди. У ҳукуматни маҳаллий аҳоли билан маслаҳатлашмасдан режа тузганликда айблади.
Маданият вазири Лиза Нанди эса Sky News телеканалига берган интервуюсида ҳукуматга олдинги бошқарувдан катта миқдордаги кўриб чиқилмаган аризалар мерос қолганини билдирди. У барча масъулият фақат камбағал жамоалар зиммасига тушмаслиги кераклигини қўшимча қилди.
Бугунги кунда бутун Британия бўйлаб бошпана сўровчиларни меҳмонхоналар ва бошқа объектларга жойлаштиришга қарши доимий норозилик намойишлари ўтказилмоқда.
“Биз ҳақиқатда британча иш қиляпмиз, яъни овоз бераяпмиз. Чунки бу жуда муҳим мавзу. Бу ҳолат фақат бизнинг ҳудудда эмас, бутун Буюк Британияда содир бўляпти”, деди маҳаллий кенгаш раиси Тим Макналли.
Ҳукумат маълумотларига кўра, режалаштирилган марказ камида 10 йил давомида бўйдоқ эркак мигрантларни жойлаштириш учун фойдаланилади. База ходимлари ва маҳаллий аҳолининг хавфсизлиги энг муҳим масала бўлиши таъкидланган.
Лейбористлар партияси меҳмонхоналардан мигрантлар учун фойдаланишни босқичма-босқич бекор қилмоқда. Улар жорий парламент муддати тугагунга қадар, яъни 2029-йилгача меҳмонхоналардан фойдаланишни тўхтатиб, уларнинг ўрнига собиқ ҳарбий базалардан фойдаланишга ваъда берган.
